“МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДАГИ ЭНГ ЯХШИ ЖУРНАЛИСТИК МАТЕРИАЛЛАР” ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ
21.11.2018 | Ko`rilgan: 182

2018 йилнинг 21 ноябрь куни “Wyndham Tashkent” меҳмонхонаси “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ОАВ вакилларига қаратилган “Меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги энг яхши журналистик материаллар” танлови ғолиблари тақдирланди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан танловнинг тўрт номинацияси бўйича умумий беш нафар иштирокчи ғолиб деб топилиб, Италиянинг Турин шаҳрига йўлланмани қўлга киритди.

Танлов Ўзбекистонда фаолият юритувчи журналистлар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мажбурий меҳнатни олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларга бағишланган энг яхши мақолалар муаллифларини аниқлаш ҳамда кўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқлари мавзусини ёритишда фаолликни ошириш ҳамда аҳолининг ушбу масала юзасидан янада хабардор  қилиш мақсадида ўтказилди.

Тақдирлаш маросими Ўзбекистонда мажбурий меҳнат масалалари бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти Учинчи томон мониторингининг жорий йилнинг дастлабки якунларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган ҳисобот анжумани доирасида бўлиб ўтди.

Аризалар маҳаллий журналистлар томонидан 2017 йилнинг 1 ноябридан 2018 йилнинг 1 ноябрига қадар босма ва электрон ОАВ чоп этилган ёки маҳаллий телевидение ва радиоканалларда эфирга узатилган материаллар 2018 йилнинг 15 ноябрига қадар қабул қилинди. Натижада, “Энг яхши таҳлилий материал”, “Энг яхши журналистик суриштирув”, “Энг фаол журналист” ҳамда “Индивидуал овоз” номинациялари бўйича умумий 80 дан ортиқ ишлар қабул қилинди.

Келиб тушган ишлар “Тараққиёт стратегияси” маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва яна бошқа қатор халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Унда материалнинг оригиналлиги ва креативлиги, адолатли ва мувозанатли ёндашуви, ишончлилиги ва профессионаллиги, мақсадли аудитория учун жозибадор, ўқишга қулай ва долзарблиги, мультимедиа элементларининг сифати каби жиҳатларга эътибор қаратилди.

Баҳолаш якунларига кўра умумий 5 нафар иштирокчи ғолиб деб топилди ва Италиянинг Турин шаҳридаги Халқаро ўқув марказидаги ўқув курсларида барча ҳаражатлар қопланган ҳолда таҳсил олиб келиш имкониятини қўлга киритди.