ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ВА ЕВРОПА ПАРЛАМЕНТИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗИЛДИ
01.12.2018 | Ko`rilgan: 160

Европа иттифоқи ва Европа Парламенти вакиллари бундан кейин ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирдилар. Бу ҳақда “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари билан Брюссель шаҳрида ўтказилган учрашув ва музокаралар давомида нуфузли халқаро ташкилот мутахассис ва экспертлари маълум қилди.

2018 йилнинг 25-30 ноябрь кунлари давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бельгиянинг Брюссель шаҳрига ташриф буюрди. Европа Иттифоқи парламенти аъзолари, Европа Иттифоқининг турли комиссия ва институтлари масъуллари билан ўтказилган учрашувлар давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштиришга, хусусан Ўзбекистонда таълим тизимини, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш борасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш, Европа Иттифоқи мисолида давлатлар ўртасидаги ҳудудий келишмовчиликларни хал қилиш каби қатор масалаларга бағишланган анжуманларда иштирок этдилар. Бундан ташқари, одил судлов, иқтисодий масалалар, хусусан, валюта сиёсати, соғлиқни сақлаш ҳамда халқаро алоқаларни ривожлантириш каби соҳалар мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашишга қаратилган тор доирадаги учрашувлар ўтказилди.

Ташриф доирасида, Марказ вакиллари Европанинг етакчи таҳлил марказлари, Европа иттифоқи ва Европа Парламенти вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан қатор музокаралар ўтказдилар. Учрашувлар давомида Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси, унинг доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши ҳақида маълумот берилди. Музокаралар якунларига кўра, томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадалаштиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар, хусусан, тадқиқот ва кадрлар тажрибасини ошириш бўйича малака ошириш дастурларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.